2024-йил апрел ойида SQB банк ("Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ) ни OZ PLANET рақамли платформасига улаш жараёни якунланди. Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидаги корхоналарга SQB томонидан масофадан туриб қулай шартларда факторинг молиялаштириш имконияти яратилди. Банк 120 кунгача бўлган муддатга гаровсиз факторингни тақдим этади.

Банкнинг стратегик мақсадларидан бири операцион самарадорликни ошириш ва жараёнларни рақамлаштириш ҳисобланади. Факторинг хизматини рақамли шаклда тақдим этиш ушбу мақсадга эришишга ёрдам беради, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради, бутун факторинг жараёнини автоматлаштиради (шахсий учрашувларсиз, ЭРИ билан электрон ҳужжат айланиши) ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди. Факторинг каби харидоргир молиявий воситани такомиллаштириш орқали банк кичик ва ўрта компанияларга молиявий оқимларни бошқаришда ва тўловларнинг кечикиш хавфини камайтиришда ёрдам беради.

SQB банки ("Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ) Ўзбекистон Республикасининг энг қадимги банкларидан бири ҳисобланади. 1922-йилда Савдо-саноат банкининг Тошкентдаги Ўрта Осиё идораси сифатида ташкил этилган банк бир қатор ўзгаришларни бошидан кечирди ва халқ хўжалигининг турли тармоқларини, биринчи навбатда, саноат бинолари қурилишини молиялаштирди. 2009-йилда банк "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ номини олди, 2018-йилда эса банк ребрендингни амалга оширди ва SQB номини олди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда иқтисодиёт базавий тармоқларининг айрим корхоналари банкнинг асосий аксиядорлари ҳисобланади.

SQB банки кенг кўламли чакана хизматлар кўрсатади, кичик ва ўрта бизнесни кредитлайди, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиради. Банк нефт-кимё, биокимё ва нефт-газ тармоқлари обектлари, шунингдек, газ-кимё мажмуаси қурилишига кўмаклашади. Қазиш, машинасозлик ва транспорт тармоқларини, енгил саноатни ва қурилиш комплексини молиялаштиради. Банк соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва шаҳарни кўкаламзорлаштириш соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш орқали ҳаёт сифатини яхшилашга ҳисса қўшмоқда. Республика ҳудудларининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлайди.

Барча нашрлар